Узб

Табиий газ ва электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари фош этилмоқда  

Табиий газ ва электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари фош этилмоқда  

173
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Тошкент вилоят бошқармаси томонидан “Ўзэнергоинспекция” вилоят бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган терговга қадар текширувда “E.J.” МЧЖ раҳбари М.Х. Зангиота тумани “Бўзсув” ҚФЙдаги ем ишлаб чиқариш цехида буғ қозонларини ҳеч қандай ҳужжатсиз ўғрилик йўли билан умумий фойдаланишдаги газ тармоғига улаб, жами 166,5 млн сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдаланганлиги аниқланган.

Шу каби, Департаментнинг Ёзёвон туман бўлими томонидан ЭТК ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган терговга қадар текширувда “A.Н.” фермер хўжалиги раҳбари Н.С. “Янгиобод” МФЙдаги дала майдонига ўрнатилган электр ҳисоблагич пломбаларига қасддан шикаст етказиб, сув насосларини ўғрилик йўли билан электр тармоғига улаб, жами 149,1 млн сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланганлиги аниқланган.

Департаментнинг Қўшработ туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда эса, фуқаро Ш.Р. “Урганжи” МФЙдаги умумий фойдаланишдаги электр тармоғига қўлбола усулда ясалган бурғулаш ускунасини ўғрилик йўли билан улаб, жами 108,5 млн сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланганлиги аниқланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.