Узб

“Asl Billur” МЧЖда қалбаки акциз маркали алкоголь маҳсулотлари ишлаб чиқарилаётганлиги аниқланди

“Asl Billur” МЧЖда қалбаки акциз маркали алкоголь маҳсулотлари ишлаб чиқарилаётганлиги аниқланди

19
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Тошкент шаҳар бошқармаси ва Чилонзор туман бўлими томонидан туман Солиқ инспекцияси ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда “R.B.” МЧЖга қарашли савдо дўкони сотувчиси Ж.Н. харидор А.А.га қалбаки QR-код маркировкали 210 дона “Aurum” номли алкоголь маҳсулотини 3,9 млн сўмга сотган вақтида ушланиб, ушбу дўкондан 3 хил турдаги “Asl Billur” МЧЖ томонидан ишлаб чиқарилган қалбаки акциз маркали жами 6 370 дона алкоголли маҳсулотлари ашёвий далил сифатида олинган.

Шунингдек, тадбир давомида Чилонзор туманидаги “Asl Billur” МЧЖнинг ишлаб чиқариш цехи ва омборхонаси кўздан кечирилганида “хуфёна” тарзда ишлаб чиқарилиб, сотиш учун тайёрлаб қўйилган жами 16 715 дона қалбаки акциз маркали алкоголли маҳсулотлар сақланаётганлиги аниқланган.

Бундан ташқари, “Asl Billur” МЧЖ масъул шахслари ва бошқалар алкоголь маҳсулотлари ишлаб чиқариш учун этил спиртини биржа савдолари орқали сотиб олмасдан, суриштирув давомида шахсини аниқлаш имкони бўлмаган шахслардан нақд пулга сотиб олиб реализация қилганликлари маълум бўлган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 186-1-моддаси (этил спирти, алкоголли маҳсулот ва тамаки маҳсулотини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш ёки муомалага киритиш), 192-11-моддаси (нодавлат тижорат ташкилотида ёки бошқа нодавлат ташкилотида мансабдор шахслар томонидан ўз ваколатларини суиистеъмол қилиш) ва 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.