Узб

Имтиёзли нархда сотиш учун ажратилган кўмирни талон-торож қилиш ҳолатлари аниқланди

Имтиёзли нархда сотиш учун ажратилган кўмирни талон-торож қилиш ҳолатлари аниқланди

64
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Шароф Рашидов туман бўлими ҳамда ДХХ ходимлари ҳамкорлигида тумандаги бир нечта аҳолининг мурожаатига асосан ўтказилган терговга қадар текширувда “Кўмир таъминот” МЧЖнинг Жиззах кўмир омбори масъул шахслари 1 556 тонна кўмирни бошқа шахсларга сотиб, гўёки 765 тонна кўмир 160 та хонадонга имтиёзли нархда сотилганлиги тўғрисида сохта ҳужжатлар расмийлаштирганликлари аниқланган.

Департаментнинг Жиззах вилоят бошқармаси томонидан ДХХ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган терговга қадар текширувда “Кўмир таъминот” МЧЖнинг Фориш кўмир омбори масъул шахслари ва бошқалар ўзаро тил бириктириб, куз-қиш мавсум учун гўёки 410 та хонадонга имтиёзли нархда кўмир сотилганлиги тўғрисида сохта ҳужжатларни расмийлаштириб, жами 1 041 тонна  кўмирни ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилганликлари аниқланган.

Шу каби, Департаментнинг Фарғона тумани бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда “Кўмир таъминот” МЧЖнинг  Қувасой кўмир омбори мудири Э.У. ва бошқалар ўзаро тил бириктириб, имтиёзли нархларда аҳолига сотиш учун ажратилган 1 284 тонна кўмирни бошқа шахсларга бозор нархида сотиб юбориб, ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилганликлари аниқланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.