Узб

Табиий ресурслардан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини бартараф қилиб беришни ваъда қилган шахслар ушланди

Табиий ресурслардан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини бартараф қилиб беришни ваъда қилган шахслар ушланди

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Гулистон шаҳар бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда “Сирдарё сув таъминоти” АЖ Гулистон шаҳар бўлими собиқ мутахассиси Ж.Ғ. фуқаро Ш.Д.нинг нотурар биносига ўрнатилган сув ҳисоблаш ускунаси носоз ҳолатда эканлиги ва сувдан ноқонуний фойдаланганлиги бўйича далолатнома расмийлаштирмаслик эвазига фирибгарлик йўли билан ШД.дан 2,5 млн сўмни олган вақтида ашёвий далилар билан ушланган.

Шу каби, Департамент ҳамда ДХХнинг Андижон вилояти бошқармалари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда “Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали Асака туман газ бўлими маҳаллада ишлаш хизмати бошлиғи А.У. фуқаро С.Ю.нинг хонадонида табиий газ таъминотидан 2,9 млн сўм қарздорлигини ўчириб, янги ҳисоблагич ўрнатиши ҳамда бошқа ҳисоб-рақам очиб бериши эвазига ўз хизмат хонасида 1,5 млн сўмни олган вақтида ушланган.

Департаментнинг Пахтаобод туман бўлими томонидан ДХХ ва ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда эса, Пахтаобод туман электр таъминотининг электромонтёри Ж.К. фуқаро М.Н.нинг ишончига кириб, унинг яшаш хонадонида электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиб келаётганлиги бўйича далолатномаси расмийлаштирмаслик эвазига муқаддам 200 АҚШ доллари ва 3 млн сўмни  фирибгарлик йўли билан қўлга киритиб, яна 600 минг сўмни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.